8 май 2021 4701

Тошкентда оғир касал фарзандларни даволаш учун деб ёлғон хайрияга пул йиғган фирибгар аёл ушланди

Олиб борилган текширув ҳаракатлари давомида номаълум шахс томонидан Интернет тармоғида ўзганинг мулкини алдаш, ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, 2021 йил 8 февраль куни Украинада “Бош мия ўсимтаси” касаллиги оқибатида вафот этган боланинг ҳамда шахси номаълум бўлган ва оғир касалликка чалинган икки нафар болаларнинг фотосуратларини Интернет тармоғидан кўчириб олиб, остига фарзандлари “Комилов Азимжон Абдурауф ўғли”, “Машгулотва Гулирано” ва “Маъруфжонов Муҳаммадали Мансуржон ўғли”лар оғир касалликка чалинганликлари сабабли уларни даволаш ва тиббий муолажаларга 10.000 – 20.000 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари зарурлигини иддао қилган ҳолда пулни қабул қилиш учун 8600.----.----.5611 ва 8600.----.----.4430 сонли банк пластик карталарини кўрсатиб халқдан ёрдам сўраб, бир қатор ижтимоий тармоқларда жойлаштирган сохта хайрия эълонлари аниқланди.

Эълонларда жойлаштирилган касал болаларнинг фотосуратларидан таъсирланган фуқаролар томонидан 5 минг сўмдан 1 млн. сўмгача бўлган пул маблағлари сохта хайрия эълонлари остида кўрсатилган банк пластик карталарига ўтказилган.

Олинган тезкор маълумотлар асосида, 20 апрель куни Тошкент шаҳар, Олмазор тумани ҳудудида ИИВ Киберхавфсизлик маркази ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур ноқонуний ҳаракатни Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қамарнисо кўчасида яшовчи 1995 й.т. Н.Рашидова содир этганлиги аниқланиб, унга тегишли бўлган икки дона банк пластик карталари ва смартфон ашёвий далил тариқасида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Фуқаро Н.Рашидовага нисбатан 6 май куни Олмазор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ИИВ Киберхавфсизлик маркази

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага