29 июнь 2022 421

Туркия делегацияси Академия фаолияти билан танишди

Юртимизга амалий ташрифи доирасида Туркия миллий полиция академияси бошлиғи ўринбосари Фотиҳ Инал бошчилигидаги делегация Ички ишлар вазирлиги академияси фаолияти билан танишди.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар таълим соҳасида изчил ривожланиб бормоқда. Сўнгги бир йилда ўзаро манфаатли алоқаларга хизмат қиладиган икки томонлама учрашувлар чоғида тажриба алмашинувини кенгайтиришга қаратилган истиқболли келишувлар амалиётга татбиқ қилинди. Замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш, соҳа ходимларининг малакасини ошириш, таълимга инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш борасидаги ишлар сезиларли фаоллашди.

Галдаги учрашув ҳам ҳамкорлик меморандуми доирасида ташкил этилди. Туркиялик меҳмонлар дастлаб ўқув аудиторияларида яратилган замонавий шарт-шароитлар билан танишиб, таълим жараёнини мониторинг қилиш марказини кўздан кечиришди. Айниқса курсантларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар орқали мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган махсус автобуслар меҳмонларнинг алоҳида эътиборини тортди. Делегация вакиллари сайёр синфхона ҳамда криминалистик экспертизалар ўтказиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларининг ўзига хос имкониятларини ўрганиб, ўқув жараёнига татбиқ қилинган ёндашувларга юқори баҳо бердилар.

Шундан сўнг меҳмонлар Маънавият ва маърифат маркази, Академия тарихи музейи, Ахборот-ресурс маркази, Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедрасида бўлиб, таълим масканининг тараққиёт йўли, сўнгги йилларда амалга оширилган улкан ислоҳотлар ва тингловчи-курсантлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарининг қарорлари асосида ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш мақсадида таълим жараёнида йўлга қўйилган янги механизмлар тақдимот тарзида намойиш этилди.

Жаноб Фотиҳ Инал буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини эътироф этиб, фахрий меҳмонлар китобига сафар таассуротлари ҳақидаги самимий сўзларини ёзиб қолдирди.

Куннинг иккинчи ярмида таълим масканлари раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов туркиялик ҳамкасбларини қутлаб, ўзаро алоқаларнинг бугунги ҳолатига юқори баҳо берди.

– Икки томонлама муносабатларнинг жадал тараққий топаётгани халқларимиз ўртасидаги азалий ришталарга мустаҳкам ишонч ва янгича руҳ бағишламоқда. Ҳамкорлигимиз юқори босқичга кўтарилиб, ўзаро манфаатли келишувларга эришаётганимиз тизим учун профессионал кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади, – деди Р. Хатамов.

Ўз навбатида, Фотиҳ Инал таълим масканлари ўртасидаги ҳамкорлик ўзбекистонлик ҳамкасбининг муҳим ташаббус ва саъй-ҳаракатлари эвазига изчил ривожланаётганини алоҳида эътироф этди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги мураккаб даврда тажриба алмашинувини янада кучайтириш, истиқболли қўшма дастурларни ишлаб чиқиш таълим самарадорлигига хизмат қилади.

Айни кунларда Туркия миллий полиция академияси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага