Ватан ишқи ила
Болалигидан ички ишлар органлари ходими бўлишни юрагига жо қилган Азиза Хонтемирова 2009 йилда спортнинг дзюдо тури бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган республика чемпионати ҳамда мамлакат кубоги мусобақаларида ўз вазн тоифасида барча рақибларини доғда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Кейинги йили эса катталар ўртасидаги республика чемпионатида ҳам тенгсиз деб топилди.
А. Хонтемирова ҳозирда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси 5-батальон сафдор ходими лавозимида хизмат қилмоқда.
Лавҳамиз қаҳрамони фаолиятининг илк кунлариданоқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида ўтказилган универсал жанг спорт турининг «Light» йўналиши бўйича республика чемпионатида 63 килограмм вазн тоифасида 1 -ўринга муносиб эканлигини кўрсатди.
Ўз билимини янада юксалтиришни мақсад қилган Азиза ИИВ Малака ошириш институтида таҳсил олди. Ана шундай тинимсиз саъй-ҳаракатлар ва спортдаги кетма-кет ғалабалар туфайли раҳбариятнинг назарига тушган ёш ходим зафарли ютуқларни давом эттирган ҳолда, ўтган йилнинг май ойида Тошкентда бўлиб ўтган универсал жанг бўйича жаҳон чемпионатида қатнашиб, ғолиб бўлди.
Орадан уч ой ўтиб, Туркияда ўтказилган жаҳон кубогида ҳам ўз вазн тоифасида тенгсиз эканлигини намойиш этди.
Айни пайтда халқаро спорт устаси унвонига даъвогарлик қилаётган Азиза Хонтемирова ўз вазн тоифасида дзюдо, миллий ва белбоғли кураш, универсал жанг ҳамда самбо бўйича республика, қитъа ва жаҳонда тенгсиз эканлигини исботлаб, 50 дан ортиқ олтин медаль ва кубоклар билан келажаги порлоқ спортчи эканлигини тасдиқлади.
Ўз мухбиримиз.