19 январь 2022 284

«Ватанпарварлик боғи»га саёҳат

ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти 4-минтақавий ҳудуди 2-сонли жазони ижро этиш колонияси ходимлари Қарши шаҳридаги «Ватанпарварлик боғи»га саёҳат уюштиришди.

«Жума - ватанпарварлик куни» тадбири доирасида ташкил этилган тадбирда ички ишлар органи ходимлари «Ватанпарварлик боғи»да кўргазмага қўйилган жанговар ва хизмат автомашиналари, қурол-яроғ, махсус ҳимоя воситалари ва бошқа ускуналар, ҳарбий кийим-бошлар билан яқиндан танишишди. Уларга мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳияти, эришаётган ютуқлари, қолаверса, Ватан озодлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва эл осойишталиги учун фидокорона курашган миллатимиз қаҳрамонлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилишга шай миллий Армиямиз қудрати ҳаётий мисоллар ва таъсирчан кўргазмали воситалар орқали намойиш этилди.

«Ватанпарварлик боғи»даги амфитеатр, ҳарбий хандақ, тир ва лукодром, ҳарбий кичик музей, парашютдан сакраш минораси ҳам саёҳатчиларда катта таассурот қолдирди.

«Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!» концептуал ғояси асосида ташкил этилган ушбу маънавий-маърифий тадбир ходимларда ватанпарварлик, миллий ғурур ва касбга садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши тайин.

Содиқ Раҳимов, «Postda» мухбири. Қашқадарё вилояти.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага