28 январь 2023 1316

Вазир ўринбосари Президент қарори мазмун-моҳиятини шахсий таркибга етказди

Бугун Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов ва бошқарма таркибий бўлимлар ва соҳавий хизматлар ходимлари иштирокида «Маънавият ва маърифат дарси» бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори мазмун-моҳиятини шахсий таркибга етказишга бағишланган тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов маъруза қилди.

Вазир ўринбосари ички ишлар органларининг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилувчи қарорда ички ишлар органлари ходимларини “Инсон қадри учун» тамойили асосида давлатнинг юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, ўз бурчига содиқ, ватанпарвар ва халқпарвар вакили этиб тарбиялаш орқали аҳолининг чинакам розилигига эришиш, хизмат вазифаларига ҳалол, виждонан, Ватан ва халқ олдидаги бурчини чин дилдан ҳис этган ҳолда, юксак масъулият билан ёндашиш, жамиятда умумэътироф этилган одоб-ахлоқ нормаларига сўзсиз амал қилиш туйғусини шакллантириш устувор вазифа этиб белгиланганини таъкидлади.

Шу билан бирга ички ишлар органларида содир этилиши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олиш, ҳуқуқ-тартибот тизими обрўсига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмаслик лозимлиги иштирокчиларга тушунтирди.

Вазир ўринбосари асосий мақсадларга йўналтирилган Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқлангани ҳар бир ходими Кодексда белгиланган қоида ва талабларни билиши, уларга қатъий ва сўзсиз амал қилиши мажбурийдир, деди.

Кодексда белгиланган қоида ва талабларга амал қилиш ходимнинг хизмат фаолияти самарадорлиги ва хизмат интизомини баҳолашнинг асосий мезонидир. Кодексдаги қоида ва талабларга амал қилмаслик ёки уларни қўпол равишда бузиш ходимни ички ишлар органларидан хизматдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо чорасини қўллаш учун асос бўлади.

Ички ишлар вазирлиги тузилмасида Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ташкил этилиб, ички ишлар органларида кадрлар салоҳиятини ошириш замон талаби ва долзарб вазифа эканидан келиб чиққан ҳолда қуйидагилар устувор йўналишлари этиб белгилани, номзодларни танлашнинг адолатли, холис ва шаффоф тизимини яратиб, ўрнатилган тартибларни тубдан соддалаштириш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини билдирди.

Хизматнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида манзилли психологик тадбирларнинг замонавий усулларини татбиқ этиш, лавозимга тайинлаш ва аттестация ўтказиш жараёнларида мутахассис-психологларнинг роли оширилади.

Тизимда истиқболли ёш раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришнинг янги тизимини жорий этиш, уларнинг фаолиятини тизимли мониторинг қилиш ва доимий равишда ўқитиб бориш механизмлари, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасининг хусусиятларидан келиб чиқиб, ички ишлар органлари шахсий таркибининг жанговар ва жисмоний тайёргарлик даражасини оширишнинг узлуксиз тизимини яратиш ва уни баҳолашни янги мезонлар ишлаб чиқилади.

Инсон омилини истисно этиш ҳамда коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олиш мақсадида ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш, хизматни ўташ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, шахсий таркиб ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини замон талабларига мос равишда тўлиқ рақамлаштирилади.

Ички ишлар органларида хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимларга нисбатан тайинланадиган дастлабки синов муддатини бир йил этиб белгилаб, ҳудудий ички ишлар органлари эҳтиёжини инобатга олиб, Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари битирувчилари учун Ички ишлар вазирлиги Академиясида бакалавриатнинг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти» ва «Тезкор-қидирув фаолияти» таълим йўналишларига, тўлов-контракт асосида ўқитишни назарда тутган ҳолда ҳар йили қўшимча қабул квотаси киритилади.

2023 йил якунига қадар мансаб лавозимларини юқори маънавий- ахлоқий, ишчанлик ва касбий сифатларга эга бўлган номзодлар билан тўлдиришни назарда тутган ҳолда ички ишлар органларида хизматга қабул қилишнинг сифат жиҳатидан янги, соддалаштирилган электрон ахборот тизимини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширилади.

Хизматнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ички ишлар органлари ходимларида мулоқот психологияси ва муомала маданияти ҳамда ностандарт вазиятларда руҳий барқарорликни сақлаш бўйича зарур кўникмаларни шакллантириш, хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимлар Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида уч ойлик бошланғич касбий тайёргарлик курсларини муваффақиятли тамомлаганидан сўнг тегишли лавозимга тайинланади.

Ички ишлар вазирлиги академик лицейларининг фан номзоди ёки фалсафа доктори (РhО), шунингдек, фан доктори ёхуд фан доктори (ScD) илмий даражаларига, профессор ёки доцент илмий унвонларига эга бўлган кафедра бошлиқлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра, олий таълим муассасасининг кафедра бошлиғи (мудири)га тенглаштирилади.

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати бўлинмалари ходимлари «Фуқаролар билан ишлаш модули» бўйича узлуксиз ўқитиш амалиётини йўлга қўйиш орқали уларнинг соҳада самарали хизмат олиб боришдаги шахсий масъулияти оширилади.

Бунда, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида давомийлиги 144 соатдан кам бўлмаган дастур асосида ходимлар ҳар уч йилда бир марта ўқитилиб, махсус синовдан ўтказилади ҳамда синовларни муваффақиятли топширган ходимларга келгусида ушбу соҳада хизмат қилиш ҳуқуқини таъминлайдиган сертификат берилади.

Ички ишлар вазирлиги Академиясида - ички ишлар органлари таълим ва ўқув муассасаларининг педагог кадрларини, шу жумладан шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази тузилади.

Ички ишлар вазирлиги академик лицейларига ўқув-тайёрлов марказларини ташкил этган ҳолда, иш вақтидан ташқари пайтда академик лицей ўқитувчилари томонидан ўқувчи ва фуқаролар учун ихтиёрийлик асосида қўшимча ўқув машғулотларини ўтказиш бўйича пулли таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи берилади.

Бунда, қўшимча ўқув машғулотларидан тушган маблағлар академик лицей жамғармасида жамланиб, унинг 50 фоизи машғулот ўтказган ўқитувчининг ойлик маошига, 50 фоизи академик лицейнинг моддий- техник ва ўқув базасини ривожлантириш ҳамда бошқарув-ёрдамчи ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилади.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ички ишлар органларида жисмоний ва жанговар тайёргарликни ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилади. Бунда барча даражадаги ҳудудий, соҳавий ва тармоқ ички ишлар органлари ходимларининг жанговар шайлик ва жисмоний тайёргарлик даражасини оширишни назарда тутиб, спортнинг якка кураш турлари (қўл жанги, самбо ва кураш) бўйича ҳудудий терма жамоалар ва спорт секциялари ташкил этилади.

Қарорга кўра, Ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш мақсадида соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилади. У Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, муҳтарам Президентимизнинг бу қарори юртдошларимизнинг ички ишлар органлари ходимларининг маънавий оламини бойитиш йўлида давлатимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Кўлами кенг тадбирда Қашқадарё вилояти ИИБнинг шаҳар-туман ИИБлари шахсий таркиби ҳам видеоселектор орқали иштирок этди.

Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага