Халқаро қидирувдаги жиноятчи Абу-Дабида қўлга олинди
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги миллий марказий бюроси (ММБ) томонидан халқаро қидирувда бўлган шахс Бирлашган Араб Амирликлари Интерпол ММБ ходимлари билан ҳамкорликдаги тезкор қидирув тадбири натижасида қўлга олинди. Ушбу шахс 1972 й.т. Ўзбекистон фуқароси С.M. бўлиб, унинг томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 155, 161, 242 ва 244-моддаларида назарда тутилган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ тартибот органлари томонидан 2006 йилдан бери халқаро қидирувда бўлган эди.
Даставвал, олинган материаллар асосида ушбу шахснинг тахминий жойлашуви ҳақидаги маълумот Интерполнинг Бош Котибиятига юборилган эди. Фуқаро С.M. 2006 йилдан бошлаб АҚШ ҳудудида яшириниб юрганлиги аниқланган. 2021 йилнинг сентябрь ойида Вашингтон ММБ томонидан фуқаро С.M. АҚШ ҳудудуни тарк этганлиги тўғрисида маълумот келиб тушди. Ўзбекистон Республикасидаги ММБ Интерполи ва Бирлашган Араб Амирликлари Абу-Даби Интерполи ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор қидирув тадбири натижасида фуқаро С.M. Абу-Дабига етиб келган кунидан беш кун ўтиб қўлга олинди ва ҳозирда уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги миллий марказий бюроси