Халқимизга хос бағрикенглик
Инсон зоти шундай яралган гоҳ нафснинг, гоҳ жаҳлнинг қутқусига учиб, тўғри йўлдан тояди. Аммо бир кун келиб хатосини англаса, уни кечириш, тўғри йўлга қайтишига кўмак бериш зарур. Буюк мутафаккирлардан бири ҳам бежиз «Хатолар, агар уларни тан олиб, пушаймон бўлишга бўйин ёр берса, ҳамиша кечиримлидир», демаган.
Юртимизда, мана, бир неча йилдирки, кечиримлилик сиёсати ҳаётда ўзининг исботини топиб келмоқда. Албатта, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар бировнинг манфаати ўзганинг тинч ва фаровон ҳаётига дахл қилмаслигига эътибор қаратилиб, тарозининг ҳуқуқ ва бурч палласи тенг ушланган ҳолда олиб борилмоқда.
Президентимиз томонидан умуммиллий байрамимиз Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармони имзоланди. Бу давлатимиз олиб бораётган инсонпарварлик сиёсатига яққол мисол бўла олади.
Бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояси билан йўғрилган мазкур фармон жамиятимизда инсон, унинг ҳаёти ва эркинликлари энг олий қадрият эканлигини яна бир бор тасдиқлади. Содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 402 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан афв этилди. Уларнинг 26 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 17 нафарини чет давлат фуқаролари, 19 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади.
Афв этилган шахсларнинг 128 нафари асосий жазодан озод этилди, 201 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 15 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 58 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Бу эса қанчалаб оила хурсандчилиги дегани. Ахир оила тўлиқ бўлишидан, озодлик шукуҳидан ортиқ бахт борми дунёда?! Албатта, жамиятнинг асосий бўғини бўлган оиланинг жам бўлиши, айниқса, фарзандларнинг боқувчиси, тарбиячиси бўлган ота-онанинг уйга қайтиши жуда чуқур маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга. Шу маънода мазкур фармон айни вақтда оиланинг давлат муҳофазасида бўлишига ҳам хизмат қилади.
— Мен одам савдоси билан боғлиқ жиноят содир этиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эдим, — дейди Маҳлиё Б. — Ёшим йигирма бешда. Тенгдошларим олийгоҳларни битириб, нуфузли ташкилотларда ишлаётган бир пайтда мен умримнинг гуллаган палласини панжара ортида ўтказаётганим қалбимни эзарди. Бир нафар вояга етмаган ўғлимни, ёлғиз тарбиялаётган эдим. Озодликдан маҳрум қилинганимдан кейин боламга ота-онам қараб турадиган бўлди. Ўғлимни, ота-онамни қанчалик соғинмай, уларни истаган пайтда бағримга босиш, истаганимча ёнида бўлиш имконим йўқ эди. Бугун Президентимиз мени афв этиб, шу имконни қайтарди. Бу қувончимни сўз билан ифодалаб бера олмайман. Бир нарсани аниқ айта оламанки, қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, қайтиб
жиноят йўлига кирмайман. Жазони ижро этиш муассасасида тикувчиликни ўрганиб олдим, энди уйимда шу ҳунар билан шуғулланиб, топган даромадимни боламнинг порлоқ келажаги учун сарфлайман.
Президентимизнинг фармони Конституция куни арафасида қабул қилинганида ҳам ўзига хос маъно мужассам. Зеро, Бош қомусимиз тимсолида, афв этилган шахснинг онгу шуурида қонунга ҳурмат-эҳтиром, итоаткорлик руҳи шаклланиши шубҳасиз. Ўйлаймизки, кечирилган ҳар бир шахс ўзига билдирилган ишончни оқлаб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшади, жамиятда ўз ўрнини топади.
Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларга фойдали касб-ҳунарлар ўргатилиб, сертификатлар берилади. Озодликка чиққанларидан сўнг бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Ҳудудлардаги бандликка кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда уларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилади.
Хулоса қилиб айтганда, бу юртда инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан улуғ. Бугун афв этилганларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак бериш замирида бир ҳақиқат мавжуд. У ҳам бўлса, ҳаётга келган ҳар бир инсон умрини мазмунли ўтказсин, ғанимат фурсатларни ҳуда-беҳудага сарфламасин, юртига содиқ бўлиб, ўз Ватанида бахтли ҳаёт кечирсин...
Дилшод ҚУРБОНОВ, ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Махсус ҳисоб бошқармаси бошлиғи, подполковник.