9 февраль 2022 753

Хизмат жойи - Қоровул қўшинлари. Юрагида ўти бўлсин йигитнинг

Ватан — муқаддас. Унинг осойишталиги, равнақи учун фидойилик кўрсатаётган юрт фарзандлари бисёр. Айниқса, кунни тунга улаб, халқимиз тинчлиги йўлида хизмат қилаётган ҳарбийларимизга ҳар қанча таҳсин айтсак оз.

Инсон яхши ният қилиб, мақсад сари қатъийлик билан интилса, албатта унга эришаркан, дейди

Б. Шомуродов. Мана, ўн икки йилдирки, ўзим севган соҳада фаолият кўрсатиб, кам бўлмадим.

Бахтиёр ҳақида гап кетса, дарҳол уни ҳарбий қисмнинг фаол гуруҳ командири дейишади. Тиришқоқлиги, топшириқларни бекаму кўст уддалаши туфайли раҳбариятнинг назарига тушиб, ишончини оқламоқда. Шунингдек, ўтказилаётган барча маданий ва спорт тадбирларида нафақат ўзи қатнашади, балки қўл остидагилар ҳам муносиб иштирок этиб келмоқда. Масалан, ўтган йили вилоят ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўртасида ўтказилган мусобақаларда сержант Жамолиддин Аҳмедов тош кўтариш бўйича биринчи, кичик сержант Рамзжон Қодиров эса армрестлинг бўйича учинчи ўринни қўлга киритди.

Бахтиёржон табиатан босиқ бўлсада, юрагида ўти бор йигит, дейди взвод командири, капитан Руслан Ҳакимов. У хизматда ҳам, жамоат ишларида ҳам ҳамкасбларига намуна бўлиш билан бир қаторда, кўплаб шогирдлар тайёрламоқда. Кичик сержантлар Рустам Умидов, Руслан Бозоров ҳамда оддий аскар Достон Ярашев шулар жумласидандир.

Юртимиз осойишталигини таъминлашдек шарафли вазифани сидқидилдан адо этиб келаётгани учун лавҳамиз қаҳрамони 14 январь Ватан ҳимоячилари куни арафасида Ички ишлар вазирлигининг «Қўшин аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шарафли касбдан эъзоз топган бу инсоннинг турмуш ўртоғи Маъмурахон бахт тўкис бўлиши учун, аввало, оила мустаҳкамлиги муҳимлигини яхши билади. Айниқса, сабр-тоқат ва оқилалик, меҳр-муҳаббат ва мулоҳаза билан иш кўриш унинг шиорига айланган. Бахтиёржон билан биргаликда, Эъзоза ва Бахтбек исмли фарзандларни тарбиялаб вояга етказишмоқда. Биз болаларнинг келажакда халққа манфаати тегадиган инсонлар бўлиб етишишини тилаб қоламиз.

Мирзоқул АҲАДОВ, «Postda» мухбири.
Бухоро вилояти.
Суратда: ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Бухоро вилоятида жойлашган 7536-ҳарбий қисм гуруҳ командири, III даражали сержант Бахтиёр Шомуродов оила аъзолари билан.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага