Ходимлар куч синашди
Қашқадарё. Вилоят ИИБ спорт залида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан вилоят ички ишлар органлари ходимлари ўртасида кураш мусобақаси бўлиб ўтди.
Шахсий таркиб ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини оширишга қаратилган ушбу турнир қизғин баҳсларга бой бўлди.
Тўрт вазн тоифасида ўтказилган беллашувларнинг 73 кг. вазн тоифасида вилоят ИИБ ТВБСО ходими, сержант Шаҳриёр Маҳмадмуродов ғолиблик шоҳсупасидан жой олди.
Навбатдаги совринли ўринларни эса бошқарма ЖТСБ ППХ батальони сафдор ходимлари - сафдорлар Ҳ.Раҳмонқулов ва И.Ражабов қўлга киритди.
Шунингдек, қолган вазн тоифаларида ҳам вилоят ИИБ ТВБСО ходимлари - катта сержант Жавлон Тоғаев (81 кг. вазн тоифасида), лейтенант Рустам Саидов (90 кг. вазн тоифасида) ва сержант Ботир Холиёров (+90 кг. вазн тоифасида)ларга тенг келадиган рақиб топилмади.
Ғолиб иштирокчилар махсус нишон ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Шерзод Бердиқулов, капитан.
ИИВ Малака ошириш институти тингловчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш мақсадида турли тадбирлар ўтказилиб келиняпти.
Жумладан, яқинда спортнинг кураш ва мини-футбол турлари бўйича ташкил этилган спорт мусобақалари ҳам фикримиз тасдиғидир.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, полвонлар ўртасида сафдор Васлиддин Турсунбоев зафар қучган бўлса, мини-футбол бўйича «Ватанпарвар» жамоасига тенг келадиган рақиб топилмади.
Кўтаринки руҳда ўтган мазкур спорт байрами сўнгида ғолиб ва совриндорлар кўчма кубок ва медаллар билан тақдирланди.
Шокир Албеков, капитан.