24 март 2021 5130

Ходимлар манфаати устувор

Ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва тизимда жамоат ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида 2017 йил вазирликда Таркибий бўлинмалар ходимлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси ташкил этилган эди. Муқаддам тизимда касаба уюшмага фақатгина эркин ёлланган ходимлар аъзоликка қабул қилинган бўлса, мазкур йилдан шаҳодатланган ходимлар ҳам ўз ихтиёри билан аъзо бўлди.

Бугунги кунда вазирлик тар­кибий бўлинмалари ходимла­ри бирлашган касаба уюшма қўмитаси 39 та касаба уюшма бошланғич ташкилоти таркибидан иборат бўлиб, жами 10 мингдан ортиқ, аъзоларни бирлаштирган.

Яқинда ходимларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида қўмита томонидан амалга оширилган ишлар, иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида тузилган жамоа шартномаси бандлари бажарилишига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раисининг ўринбосари А.Мирджалилов, ИИВ Кадрлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полков­ник Т.Жуманов, ИИВ Тарки­бий бўлинмалари ходимлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси, полковник Ҳ.Махсумов ва бошқалар иштирок этди. Йиғилишда жамоа шартномаси талабларининг бажарилиши бўйича полков­ник Т. Жуманов, касаба уюш­ма кўмитаси раиси, полковник Ҳ.Махсумов, касаба уюш­ма кўмита бош мутахассиси А.Сатторовнинг Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи эшитилди.

Таъкидлаш лозимки, ўтган даврда вазирлик бирлашган касаба уюшма қўмитаси то­монидан бир талай хайрли ишлар амалга ошириб, ходимларга иш ҳақи тўлашда меҳнат шартномаларида белгиланган маблағдан кам иш ҳақи тўлаш, уларнинг розилигисиз иш ҳақи ҳажмини ўзгартиришга йўл қўйилмади. Бундан ташқари, одимлар бўш вақтида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун етарли шароитлар яратиб берилди.

Қайд этиш лозимки, байрамлар арафасида ходим­лар рағбатлантириб, оилавий шароити оғир ва моддий ёрдамга муҳтожларга кўмак бериб келинмоқда. Жумладан, касаба уюшма қўмитаси томонидан ўтган йил давомида оилавий шароити оғир, яқин қариндошлари вафот этган, даволаниш учун дори воситаларига эҳтиёжи бор, тўй маросимлари ўтказаётган марказий аппарат соҳавий ходимларининг 300 дан ортиқ ходимларига моддий ёрдам кўрсатилди. Қолаверса, 62 нафар ходим ва уларнинг оила аъзоларига санаторий йўлланмалари, 2 нафар ходимга бепул йўлланмалар берилди.

Ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ҳордиқ чиқаришини ташкиллаштириш йўналишида ҳисобот даврида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, турли маданий- маърифий, спорт тадбирлари ўтказилди. Хусусан, йил мобайнида вазирлик бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан 12 маротаба ана шундай тадбирлар ташкил этилди.

Йиғилишда 2020-2022 йилларга мўлжаллаб тузилган тармоқ келишуви ва жамоа шарт­номаси ижросини таъминлаш, касаба уюшма аъзоларини ҳар томонлама самарали қўллаб- қувватлаш чораларини кўриш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Тизимдаги касаба уюшмалари фаолияти­ни янада такомиллаштириш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

«Postda» мухбири.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага