27 январь 2023 406

Ходимларнинг энг яқин дўсти

Бўлинмамиз тасарруфида Шарқий Европа, Бельгия ва немис овчаркалари, лабрадор ва рус спаниел зотига мансуб 72 та хизмат ити мавжуд. Улар асосан из қидирув, портловчи моддалар ва гиёҳванд моддаларни қидириб топиш, антитеррор ҳамда қўриқлаш йўналишларига ўргатилган. Ўтган йили кинологлар хизмат итлари билан 762 марта воқеа жойига чиқиб, 191 та жиноятнинг очилишига ҳисса қўшишди. Бундан ташқари, 3227,84 грамм гиёҳванд модда ҳам хизмат итлари ёрдамида аниқланди, - дейди Кинология бўлинмаси бошлиғи, майор Бахтиёржон Мирзашев.

Фарғона вилояти ИИБ ЖТСБ Кинология бўлинмаси хизмат итлари питомнигидаги махсус майдонда ўнлаб ходимлар ўзларига бириктирилган хизмат итлари билан машғулот ўтказишмоқда.

Ҳайрон қолдиргани шуки, итларнинг бирортаси бизга эътибор ҳам бермади. Гўё уларга олдиндан айтиб қўйилгандек, топшириқларни бажариш билан банд. Илгари итларга буйруқ рус тилида берилган бўлса, эндиликда ўзбекча топшириқлар берилаётгани қувонарли. «Ташла!», «Тўхта!», «Сакра!», «Топ!», «Изла!» сингари буйруғу хитобларни тушунган ақлли жониворлар абжирлик ва тезкорлик билан ҳаракат қилишяпти.

Бугунги кунда бўлинма Миллий гвардия бошқармаси билан ҳам ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ходимларнинг касбий маҳорати ва жанговар шайлигини ошириш, хизмат итлари билан ишлаш кўникмаларини яхшилаш борасида ҳамкорликда назарий ва амалий ўқув машғулотлари мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Хизмат итлари ходимларимизнинг энг яқин дўстига айланган, - дейди кичик инструктор-кинолог, саф-дор Илҳомжон Аббосов. - Улар бизни, биз уларни жуда яхши тушунамиз.

Ўтказаётган машғулотларимиз айнан шундай кўникмаларни шакллантириб боради. Шу боис хизмат жараёнида, тезкор тадбирларда асло қийналмаймиз.

Бўлинмада кўплаб моҳир кинологлар фаолият кўрсатмоқда. Улар эришаётган ютуқлар ҳам салмоқли. Масалан, ўтган йили ноябрь ойида Жиззах вилоятида кинология хизмати ходимлари ўртасида ўтказилган кўпкураш мусобақасида биринчи минтақавий ҳудуд мувофиқлаштириш маркази 1-кинология гуруҳи кичик инспектор-кинологи, сафдор Муҳаммадали Мўминов «Нала» лақабли хизмат ити билан умумий курс йўналиши бўйича биринчи, шахсий биринчиликда учинчи ўринни эгаллади.

Кинология бўлинмаси инструктор-кинологи, сафдор Дилшод Маҳкамов эса «Байкал» — лақабли хизмат ити билан «Транспорт воситаларидан портловчи моддаларни аниқлаш» машқи бўйича биринчи, тўсиқларни енгиб ўтиш машқи бўйича учинчи ўрин соҳибига айланди.

Бўлинма кичик инструктор-кинологи, сафдор Умиджон Усмонов хизмат ити билан биатлон машқи бўйича биринчи, из-қидирув йўналиши машқи бўйича иккинчи ўринни банд этди.

Абдувосит Сидиқов, «Postda» мухбири. Фарғона вилояти.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага