29 сентябрь 2022 542

Яна ва яна...

Инсон боласи хатокор бўлади. Аммо тарбияли, онгу шуури тоза киши билиб-билмай хатога йўл қўйса, иккинчи бор уни такрорламасликка ҳаракат қилади.

Марғилон шаҳрида яшовчи, айни кунларда 62 ёшни қаршилаган Қосим Бердиев (исм-шарифи ўзгартирилди) эса умри давомида кўплаб жиноятга қўл уриб, тегишли жазо олсада, бундан тўғри хулоса чиқармади. Ҳалол яшашга уриниб кўрмади.

1984 йилдан жиноят кўчасига кирган ушбу шахс ўтган давр мобайнида 8 маротаба жиноятга қўл уриб, суднинг қора курсисига ўтирди. Ҳар гал суд унинг қилмишига яраша жазо тайинлади. Жазони ўтаб қайтгач, «Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деганларидек, яна ва яна қинғир ишга қўл ураверди.

2021 йилнинг 28 сентябрида жазони тўлиқ ўтаб қайтган Қосим Бердиев «Ёшим бир жойга бориб қолди, энди тинч ва хотиржам яшай» деган фикрни ўйлаб ҳам кўрмади. Аксинча, жорий йилнинг февраль ойида яна эски ҳунарини бошлади.

Яшаш манзилида профилактика инспектори ва Пробация гуруҳи ходимлари томонидан назоратга олиниб, оилавий шароити мунтазам равишда ўрганилиб, тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай, шаҳарнинг бошқа ҳудудига бориб, хуфёна тарзда яна қинғир ишга қўл урди.

...Марғилон шаҳридаги бозорга келган Қосимнинг нотаниш бир эркакка кўзи тушди. Эркакнинг қўлидаги сумка ичида пул борлиги шундоққина сезилиб турарди. Қўли эгри кас уни зимдан кузатди. Бола етаклаб олган эркак пул солинган сумкасини «Labo» русумли автомашина салонига қўйди ва маълум муддатга уни қаровсиз қолдирди. Бундан фойдаланган Қосим машина салонида турган сумкани олиб, воқеа жойидан яширинди.

Жабрланувчининг аризасига асосан олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида Қ.Бердиев ашёвий далил билан қўлга олинди.

Бировнинг пешона тери эвазига топган пулини ўмарган хавфли рецидивистга нисбатан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судида бўлиб ўтган суд мажлисида тўрт миллион сўм пулни «туя қилган» Қосим Бердиев тўққизинчи маротаба қора курсига ўтирди. Суд якунида унга нисбатан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Зикрилло ҒОФУРОВ, майор.

Фарғона вилояти.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага