Ёш авлод ҳимоячиси
Вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармасида тажрибали, касбий маҳорати ҳамда инсоний фазилатлари билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган аёл ходималар анчагина. Улар орасида спортчилар, турли кўрик-танловлар ғолиблари бор.
Бухоро тумани ИИБ ҲПБ Вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог, лейтенант Зарнигор Савриддинова шулардан бири.
Зарнигорхон жамоамиз аъзоси бўлиб қолган десак ҳам бўлади, - дейди 30-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Лайло Шарипова. - У билан доимо ҳамкорликда иш олиб боряпмиз.
Дарсларни кўп қолдираётган ўқувчилар тарбиясига жиддий эътибор қаратилиб, ота-оналар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказганлигимиз боис давомат ҳам яхшиланди. Бундан ташқари, икки нафар профилактик ҳисобда турувчи ўқувчи билан мунтазам равишда олиб борилган профилактик ишлар натижасида уларнинг хулқи, юриш-туриши ўзгарди. Шунинг учун улар яқинда комиссия хулосасига асосан, профилактик ҳисобдан чиқарилди.
Ҳақиқатан ҳам, лейтенант Зарнигор Савриддинова талабчанлиги боис кўпчиликнинг меҳрини қозониб, ҳурмат-эътиборга сазовор бўляпти. Ҳали хизмат фаолиятига бир йил тўлмасдан, кўплаб ютуқларга эришмоқда.
Хусусан, аёл ходималар ўртасида ўтказилган шахмат-шашка мусобақасида фахрли ўринни эгаллади. Яна эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлидаги фидокорона хизматлари, туман ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги самарали хизмати туфайли фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Зарнигор 1992 йили Бухоро туманининг «Кунжиқалъа» маҳалласи Нометан қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди. Бухоро шаҳридаги Олимпия захиралари спорт коллежини тамомлаб, маълум муддат тумандаги 16-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи бўлиб ишлади.
Кейин Бухоро давлат университетининг педагогика ва психология факультетига ўқишга кирди. Сиртдан ўқиш билан бирга, боғчада методист-психолог вазифасида фаолият кўрсатди.
Университетни тугатгач, ички ишлар органларига ҳужжат топшириб, синовлардан муваффақиятли ўтди.
Хизматга қабул қилинганимдан сўнг туман ИИБ бошлиғининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, майор Одил Умуров менга мураббий этиб бириктирилди. У кишидан соҳанинг сир-асрорларини, фуқаролар билан муомала маданиятини ўргандим.
Ўрганганларим ўзимда қатъият, шижоат ва талабчанлик хислатларини шакллантиришимда бош омил бўлди, - дейди лейтенант 3.Савриддинова.
Қаҳрамонимиз ҳудуддаги тўртта мактабнинг 2746 нафар ўқувчиси билан ишлаётганлиги боис оилалардаги шароитни ўрганиб, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Шу саъй-ҳаракатлари туфайли вояга етмаган ёшлар томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилмади. Айни пайтда 10 нафар вояга етмаган профилактик ҳисобда туради. Зарнигор улар билан манзилли ишлар олиб бормоқда. Ота-оналар, ўқитувчи ва бириктирилган мураббийлар билан доимий суҳбатлар ўтказади.
Бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун ўқувчилар спорт ҳамда фан тўгаракларига жалб қилинган.
Ёшлик - жўшқинлик фасли, келажак учун тамал тоши қўядиган палла. Унинг ҳар дақиқасидан унумли фойдаланиш лозим. Буни яхши англаган ёш авлод ҳимоячиси лейтенант 3.Савриддинова шириндан-шакар қизи Аминабегимнинг ҳам ҳар томонлама етук, комил инсон бўлиб вояга етишини таъминламоқда.
Мирзоқул Аҳадов, «Postda» мухбири. Бухоро вилояти.