17 февраль 2022 678

Юксак мукофот соҳиблари. Ҳаётда шунчаки яшамайдилар

Юрт тинчлиги, сарҳадлар дахлсизлигини таъминлаш, турли тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бундай ўта масъулиятли ва шарафли ишни уддалаётган кишилар чинакам ватанпарвар инсонлардир.

...Ота касбини давом эттиришни дилига туккан Алижон Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида таҳсил олди. Ҳарбий мутахассис дипломини қўлга олгач, республикамиздаги ҳарбий қисмлардан бирида қўриқлаш взводи командирининг ўринбосари вазифасида хизмат фаолиятини бошлади. Қатъий тартиб-интизомни ўзининг кундалик турмуш тарзига айлантирган лейтенант Алижон Шодиев тўрт йил ушбу ҳарбий қисмда сидқидилдан хизмат қилди.

Алижон Шодиев кейинчалик Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисмларда взвод командири, штаб катта офицери, штаб бошлиғининг ўринбосари лавозимларида хизмат фаолиятини давом эттирди. Бу даврда ҳам у ўзининг билим ва маҳоратини ҳарбий соҳани ривожлантиришга, жанговар салоҳиятини юксалтиришга сарфлади.

Хизматда ижобий ютуқларни қўлга киритаётган майор Алижон Шодиевга янада масъулиятлироқ вазифа топширилди. У аввал ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли Термиз, сўнгра эса Нукус алоҳида батальонида раҳбарлик лавозимларида самарали хизмат қилди. Халқаро аэропортларни қўриқлаш, объектларда жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлашдек муҳим вазифаларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшди.

Айни кунда подполковник Алижон Шодиев Урганч халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш алоҳида батальонига командирлик қилмоқда. Бу ерда ҳарбий хизматчиларни тарбиялаш, улар қалбига ватанпарварлик туйғусини сингдириш баробарида, хизмат интизоми ва қонунийлик талабларига риоя этиш, ходимлар билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олишни ғоят муҳим вазифа сифатида доимий назорат қилиб бормоқда. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, хизматини муносиб рағбатлантириш, сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш масалаларига ҳам катта эътибор қаратиляпти. Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида шахсий таркиб томонидан хизмат интизомини бузиш ҳолатлари қайд этилмаяпти.

— Юрт тинчлигини таъминлашдек шарафли касб эгаси ҳаётда шунчаки яшамайди, дейди батальон командирининг ўринбосари, майор Журъат Отажонов. У ўтаётган ҳар бир кунидан самарали фойдаланишга, ижобий натижаларни қўлга киритишга интилади. Ҳаётда Ватанни ҳимоя қилиш, уни кўз қорачиғидек асраш нақадар муқаддас эканлигини дилдан ҳис қилади. Ўзига хос тажриба ва малакага эга бўлган подполковник Алижон Шодиев ҳам, мана, 21 йилдирки, ана шундай эзгу мақсадлар билан яшаяпти, хизмат қиляпти.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, хизматдаги фидойилиги учун ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари Урганч алоҳида батальони командири, подполковник Алижон Шодиев Президентимиз фармонига кўра, «Шуҳрат» медали билан мукофотланди.

— Осойишталикни таъминлаш ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчидир, — дейди подполковник Алижон Шодиев. Зиммамга ана шундай ғоят масъулиятли вазифа юклатилган экан, уни шараф билан бажаришга, халқимни ҳар қандай жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишга доим тайёрман ва бу йўлда бор кучимни, маҳоратимни сарфлайман. Шундай эътирофга лойиқ кўргани учун Юртбошимиздан, вазирлик раҳбариятидан миннатдорман.

Қалбида Ватан меҳри жўш урган, ўзини шу осуда заминнинг муносиб фарзанди деб билган лавҳамиз қаҳрамонини давлатимизнинг юксак мукофоти билан қутлаймиз.

Худойберган ЖАББОРОВ, «Postda» мухбири.
Хоразм вилояти.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага