Юртнинг мард ўғлонлари
Кўплаб ёш йигитларимиз тўғри ҳаётий қарор қабул қилиб, Ватан ҳимоячиси бўлишни танлайди. Шараф билан хизмат қилишда эса уларга юксак ватанпарварлик ҳисси, матонат ва жасорат ёрдам беради.
Кичик сержант У. Назаров ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли 7255-ҳарбий қисмда БТР-80 механик-ҳайдовчиси бўлиб хизмат қилади.
Умиджон Назаров Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида туғилиб, вояга етди. Автотехника коллежини битирганидан сўнг Қуролли Кучлар сафига хизматга чақирилди. Хизматни Қоровул қўшинлари бўлинмасида ўтади. Шартнома асосида хизматга қабул қилинганидан кейин Андижон вилоятига - ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли 7255-ҳарбий қисмга жўнатилди.
Кичик сержант Шерзод Мирзаев Умиджонга устозлик қилиб, тажриба, билим ва кўникмалари билан ўртоқлашди. Бугун У.Назаровнинг ўзи бир қанча ёшларнинг устози ҳисобланади. Кичик сержантлар Шаҳбоз Йўлдошев ва Карамадин Айтпанов ундан хизмат сир-асрорларини ўрганиб, тажриба тўпламоқда.
Бухоро вилоятининг Жондор туманида туғилган Авазбек Хайруллаев болаликдан ҳарбий бўлишни орзу қилган. ИИВнинг Бухоро халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш қўшинлари батальонида муддатли хизматни ўтаётган ёш йигит ҳаётини армия билан боғлашга қарор қилди. Яъни Андижон халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳарбий қисмда шартнома асосида хизматни давом эттирди.
Икки йил илгари махсус вазифаларни бажарувчи сафарбарлик взводи ташкил этилгач, кичик сержант А.Хайруллаев жанговар ва жисмоний тайёргарлик бўйича синовларни муваффақиятли топшириб, махсус бўлинма сафига киритилди.
Аввалига осон бўлмади. Ҳарбий хизматчилар деярли кун бўйи жанговар тайёргарлик, қўл жанги билан шуғулланиб, ўқотар қуроллар турларини ўрганишар, 3,5 ва 10 километр масофага югурарди. Авазбек сидқидилдан ўз жанговар тажрибасини оширишга интилди.
- Кичик сержант А.Хайруллаев - тажрибали ҳарбий хизматчи, - дейди махсус вазифаларни бажарувчи сафарбарлик взводи командири, капитан Ғайратжон Самадов. -Хизматдан бўш пайтларида уни тренажёр залидан ёки батальон кутубхонасидан топиш мумкин. У ўз маҳорати ва билим даражасини доимий тарзда оширишга ҳаракат қилади. ИИВ Академиясининг сиртқи бўлимига ўқишга киришни, офицер бўлишни ният қилган бу йигитнинг ўз олдига қўйган мақсадларига эришишига ишонаман.
Борис КЛЕЙМАН, «На посту» мухбири.
Андижон вилояти.
Суратларда: кичик сержантлар Умиджон Назаров ва Авазбек Хайруллаев.
Муаллиф олган суратлар.