ИИВ Бирлашган таҳририяти

Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг «Postda» ва «На посту» газеталари 1930 йил 12 майдан чиқа бошлади. Газеталар дастлаб фақат ички ишлар органлари ходимларига мўлжалланган бўлиб, унда республика ички ишлар органлари фаолиятига оид материаллар бериб борилган. Ўша даврда бир ойда уч марта, 150 нусхада чоп этилган бўлса, 50-йилларга келиб, газеталар тиражи 6 мингга етди. Таҳририят ходимларининг саъй-ҳаракати билан 1960 йилдан эътиборан ҳафтасига икки марта 10 минг нусхада чиқа бошлади.

1965 йил 1 августдан бошлаб нашрларнинг кенг жамоатчиликка мўлжалланган якшанба сонларини чоп этиш йўлга қўйилди. Газеталар тез оммалашди, муштарийларнинг талаб-эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 1970 йилдан газеталар ҳафтада уч марта босила бошланди. 

ХХ асрнинг 90-йиллар бошида Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан 1990 йилда «Postda» ва «На посту» газеталарини қайта тиклашга қарор қилинди. 1991 йил 1 январда икки тилда алоҳида чоп этилган нашрларнинг илк сони ички ишлар органлари ходимлари ва кенг жамоатчиликка етиб борди.

Дастлаб тўрт саҳифадан иборат бўлган газеталарни ҳафтада уч марта чиқариш йўлга қўйилди. Таҳририят моддий базаси мустаҳкамлангач, саҳифалар сони саккизтага етказилди, кейинчалик эса 16 саҳифада чоп этила бошланди. Нашрларни қайта тиклашда Зокир Атаев, Ғайрат Болтабоев, Константин Тимохин, Сиддиқхўжа Сулаймонхўжаев, Ҳабибулла Шодиев каби инсонларнинг ҳам хизмати катта бўлди.

1998 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан «Postda» ва «На посту» газеталари таҳририяти базасида ИИВ Бирлашган таҳририяти ташкил этилди. Ўша йил сентябрь ойида «Qalqon» ва «Щит» журналларини чоп этиш йўлга қўйилди.

Газета ва журналларда берилаётган материалларнинг савияси яхшиланди, мундарижаси кенгайтирилди, мақолаларнинг ҳар бир нашр учун алоҳида-алоҳида, айнан бир-бирини такрорламайдиган қилиб тайёрлашга эътибор кучайтирилди, дизайни замон талабига жавоб берадиган даражага келтирилди. «Postda» ва «На посту» газеталарида «Сулола», «Династия», «Ибрат», «Соҳа фидойилари», «Қонун – ҳуқуқ кафолати» каби  саҳифалар ҳам ташкил этилди.

«Qalqon» ва «Щит» журналларида ички ишлар органлари ходимларининг машаққатли хизматини таҳлилий ёритишга, хориж полиция тизимлари фаолиятига бағишланган материалларга, суд очеркларига, бадиий иқтидорга эга ички ишлар ходимлари асарларини чоп этиб боришга асосий эътибор қаратилди.

2009 йилга келиб «Postda» ва «На посту» газеталарининг умумий адади 62 мингдан ошган бўлса, «Qalqon» ва «Щит» журналларининг умумий тиражи қарийб 15 мингтага етди.

Нашрларда ўқувчиларга манзур бўладиган янги рукнлар, қизиқарли детектив қиссалар, мароқли мақолалар чоп этилиши муштарийлар сонининг ошишига олиб келди. 

2020 йилда 12 май куни ИИВ нашрлари бўлган – «Postda» ва «На посту» газеталари ўзининг 90 йиллигини нишонлади. Таҳририят ходимлари ушбу санани муносиб ютуқлар билан кутиб олиш учун ижодий изланишлар олиб бормоқдалар.

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech
Тепага